Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Ижро этувчи директори Зохид Эрматов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича Европа маркази офиси раҳбари доктор Мелитта Джакаб (Melitta Jakab) ва мазкур офиснинг техник ходими профессор Арнольдас Юргутис (Arnoldas Jurgutis) билан учрашди.
Учрашувда ЖССТ вакиллари Ўзбекистоннинг бирламчи тиббий-санитария ёрдамини мустаҳкамлаш, хизматлар сифатини ошириш ва БТСЁ муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш соҳасида эришган салмоқли ютуқларини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майда қабул қилинган 88-сонли фармонига мувофиқ Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Унда амалга оширилаётган ўзгаришлар аҳоли эҳтиёжларига, касалликларнинг профилактикасига, хавфларни эрта аниқлашга ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширишга йўналтирилган бирламчи ёрдам кўрсатишнинг янги моделини шакллантираётгани таъкидланди. Муҳим натижалар сифатида БТСЁнинг ташкилий тузилмасини янгилаш, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари учун янги рағбатлар жорий этиш, пациентлар қониқиш даражасини ошириш, патронаж ҳамширалик ёрдамини кучайтириш, шунингдек бирламчи бўғин фаолиятида рақамли ечимларни кенгайтириш қайд этилди.
Доктор Мелитта Джакаб оилавий тиббиёт муассасаларида хизматлар кўрсатиш, уйга ташрифлар ва телемедицинадан фойдаланишни ўз ичига оладиган келгусидаги уч поғонали БТСЁ моделини босқичма-босқич илгари суриш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли хавфларини стратификация қилишни жон бошига молиялаштиришнинг янада комплекс тизимига ўтиш учун муҳим восита сифатида жорий этиш зарурлиги ҳам қайд этилди. Бундай ёндашув молиявий ресурсларни янада адолатли тақсимлаш, харажатлар самарадорлигини ошириш ва бирламчи ёрдамнинг профилактик йўналишини кучайтириш учун асос бўлиши мумкин.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Ижро этувчи директори Зоҳид Эрматов БТСЁ тизимидаги ислоҳотлар давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш ва тиббий хизматларни стратегик харид қилишни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бирламчи бўғин бутун соғлиқни сақлаш тизимининг асоси ҳисобланади, чунки айнан шу даражада профилактика, касалликларни эрта аниқлаш, пациентларни кузатиб бориш, пациент йўналишини мувофиқлаштириш ва тизим ресурсларидан оқилона фойдаланиш таъминланиши лозим.

У тиббий хизматларга ҳақ тўлашнинг янги усулларини қўллаш муҳимлигини қайд этди, бу усуллар фақат хизмат ҳажмини молиялаштиришга эмас, балки аҳоли учун аниқ натижаларга эришишга ҳам йўналтирилган. БТСЁ фаолиятида сифат ва натижадорлик индикаторларини жорий этиш, ДТСЖ маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳоли учун ҳаётнинг барча босқичларида тушунарли тиббий хизматлар пакетини шакллантириш, шунингдек профилактика ва касалликларни эрта аниқлашнинг проактив моделини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.
Учрашув давомида томонлар ДТСЖ ва ЖССТ ўртасида БТСЁни ривожлантириш, тўлов механизмларини такомиллаштириш, сифат индикаторларини жорий этиш, Жамғарманинг таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни Ўзбекистон шароитига мослаштиришда халқаро тажрибадан фойдаланиш соҳасидаги кейинги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.